Ўзбекистон Президенти Туркия Президентининг инаугурациясида иштирок этди
Ўзбекистон Президенти Туркия Президентининг инаугурациясида иштирок этди
03.06.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Анқарага ташриф давомида жорий йил 28 майдаги сайловда Туркия Республикаси Президенти этиб қайта сайланган Режеп Таййип Эрдоғаннинг инаугурация маросимида иштирок этди.
Тадбирда дунёнинг 80 га яқин мамлакатлари вакиллари – давлат ва ҳукумат раҳбарлари, парламент спикерлари, юқори даражадаги расмий шахслар ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти, Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар раҳбарлари қатнашди.
Маросим чоғида Президентимиз Туркия етакчисини сайловдаги ғалабаси билан яна бир бор қутлаб, лавозимга киришгани билан табриклади, Туркия халқига катта муваффақиятлар ва фаровонлик тилади.
Тадбир доирасида давлатимиз раҳбари маросимга таклиф этилган мамлакатлар етакчилари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан фикр алмашди.
Шу билан Анқарага ташриф дастури якунига етди, Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетди.
kaynak:https://president.uz/uz/lists/view/6402